БМТ агентликлари Оролбўйи минтақаси Кўп шериклик траст фонди кўмагида Қорақалпоғистонда иккита янги лойиҳани ишга туширди. ЮНИCЕФ лойиҳаси 4 та туманда тоза ичимлик сувдан фойдаланишни яхшилашга, БМТТД ва ФАО лойиҳаси маҳаллий аҳолига экологик муаммоларни ҳал этиш кўникмаларини беришга қаратилган.
Япониянинг 2 млн долларлик молиявий кўмагида БМТТД Оролбўйида иқлимга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳасини ишга туширди. Япония, шунингдек, инновацион технологиялардан фойдаланиш ва қишлоқ жойларидаги аҳоли барқарорлигини оширишда кўмаклашади.
Оролбўйи минтақасида аллергик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш юзасидан «Аллергия ва астма» мактабларини ташкил этиш режа қилинмоқда. Нукус кўп тармоқли марказий поликлиникаси қошида ташкил этилаётган мактаблар аҳоли ўртасида бу турдаги хасталикларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради.
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан «Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мос ҳолда бошқариш» лойиҳаси учун битим имзолади. ОТБ лойиҳа учун 25 йил муддатга ва 5 йиллик имтиёзли давр билан $150 млн қарз ажратадиган бўлди. Президент мазкур битимни маъқуллаб, қарор қабул қилди.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонга совға сифатида ва ҳукуматнинг саҳрога айланаётган ерларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил охиригача Орол денгизининг қуриган тубига 27 минг туп дарахт экиш ниятида. ЕИ элчилари томонидан дарахтларнинг биринчи партияси 28 апрель куни экилди.
Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 2022−2026 йилларда ушбу ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида жами 1 млн гектар ерга саксовул, қорабуроқ, қандим ва черкез ўсимликлари экилади. Яшил қопламалар учун 3900 тонна уруғ тайёрланади.
Президент қарори билан Қорақалпоғистоннинг айрим туманлари ва Хоразм вилояти тадбиркорларига қатор имтиёз ва преференциялар берилди. Мазкур ҳудудларда 85 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг